Тарихий маълумотлар

ҚОРОВУЛБОЗОР    ТУМАНИ    ТАРИХИ.

Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида нефт ва газ конлари мавжудлиги узоқ йиллар давомида кўпчиликни қизиқтириб келган. Маъданшунослар, 1931, 1939, 1945 йилларда туман ҳудудида дастлабки изланишларни олиб бордилар. Техник жиҳозларнинг талабга жавоб бермаслиги ва бир қанча омиллар туфайли кўзланган мақсадга эришилмади.
Аммо геологик тасвирлаш, тузилмаларни бурғулаш ишлари натижасида Саталантепа, Коровулбозор, Жарқоқ, Гажди ва бир қанча майдонларда ер ости бойликлари яшириниб ётганлиги маълум бўлди. 1953 йилда «Средазнефтеразведка» трести томонидан ўтказилган бурғулаш ишлари пировардида Саталантепа майдонидан газ фаввораси отилиб чикди. Республика ҳукумати табиий бойликларни ўзлаштириш, уни халқ хўжалигига хизмат қилдириш мақсадида орадан бир йил ўтгач Қоровулбозор станциясида («Саритошнефтеразведка») «Қоровулбозорнефтразведка» идорасини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
1955 – 1960 йилларда бир неча газ ва нефт конлари очилиб Жарқоқ-Бухоро-Самарқанд-Тошкент магистрал газ қувури тортилди ва Ўрта Осиёда биринчи бўлиб республикамиз пойтахти хонадонларига табиий газ олиб келинди. Шу тариқа, Қоровулбозор шахрига асос солинди. Бу ерда янги-янги иморатлар, турар-жой бинолари қад ростлай бошлади. Ахоли сони тез кўпайди. Шуни инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Президентнинг қарорига мувофиқ 1958 йили Қоровулбозор шаҳар типидаги посёлкага айлантирилиб, посёлка Совети тузилди.
1981 йил 23 февралда Қоровулбозорга Когон туманига бўйсунувчи шаҳар мақоми берилди ва махаллий бошқарув органлари тузилди.
Қоровулбозор массиви вилоят марказидан олисда, иқлим шароити кескинлиги билан ажралиб турувчи чўл бағрида жойлашган. Ўн йиллар давомида бу ерда тўртта давлат хўжалиги, кўплаб ёрдамчи хўжаликлар барпо этилганди. Вилоятнинг турли туманларидан ишга жалб этилган аҳоли хўжаликларининг марказий қўрғонларида тургун бўлиб колди. Қоровулбозор кенгликларида эса минглаб кишилар халқ хўжалиги учун зарур бўлган нефт ва газ қазиб чиқарар ва унинг теварагида 30 га яқин саноат, қурилиш, транспорт ташкилотлари фаолият кўрсатарди.
Бундай кенг тармоқли мураккаб механизм дастагини Когондан туриб бошқариш мушкул эди.
1993 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Президиумининг «Бухоро вилояти таркибида Қоровулбозор туманини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори чикди. Бу ҳар томонлама пухта уйлаб қилинган тадбир эди.

0