«Бу – табақаланишнинг кўриниши, қаршимиз», «Биз ёқлаймиз» — Партиялар ОТМга киришдаги имтиёзлар бўйича икки хил фикрда

«Бу – табақаланишнинг кўриниши, қаршимиз», «Биз ёқлаймиз» — Партиялар ОТМга киришдаги имтиёзлар бўйича икки хил фикрда

Бугун, 28 ноябрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» концерт залида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида «Олий таълим тизими: мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари мавзусида «Демократик дебат» ток-шоусининг навбатдаги сони суратга олинди. 

Унда сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш учун турли имтиёзлар бериш фоизи ортиб бораётгани, бу имтиёзлар ОТМга белгиланган умумий квота ичида ҳисобланиши ва бунинг натижасида имтиёзга эга бўлмаган ёшлар ўқишга киролмай қолиб кетаётгани масаласи кўтарилди ҳамда партиялар вакилларидан ҳолатни ўзгартириш учун қандай таклифлар борлиги сўралди.

Бу масала бўйича биринчи бўлиб «Адолат» социал-демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фарход Ишанкулов сўз олди. 

«Биз олий таълим муассасаларига киришда барча учун тенг имконият бўлиши тарафдоримиз. 

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар учун квоталар белгиланиши керак, аммо у умумий квотадан ташқари бўлиши керак. Чунки мен санаган қатлам вакилларига ҳам кўмак бериш лозим», деди у.

ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси котибияти раҳбари Нуриддин Муродов фикрини қисқача ифодалади: «Биз либераллар олий таълимдаги ҳар қандай имтиёздан воз кечиб, тизимда адолатли рақобат муҳитини яратиш тарафдоримиз».

Миллий тикланиш партияси вакили, педагогика фанлари доктори, профессор Нодира Эгамбердиеванинг фикрича, давлат томонидан ОТМга кириш учун бериладиган квоталар сони оширилаётгани педагоглар орасида эркаклар сонини ошириш мақсади билан боғлиқ.

«Ҳозирги кунда умумий ўрта таълим мактаблари учун ўқитувчилар етишмайди, шу жумладан, эркак ўқитувчилар. Бизнинг буюк маърифатпарварларимиз, педагогларимиз ким эди? Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат… лекин бугун эркак ўқитувчиларни топиш қийин.

Шунинг учун ҳам мен ОТМда, жумладан, педагогика университетларида квоталар сони ошишини қўллаб-қувватлайман», дейди у.

Экологик партия Марказий кенгаши ижро қўмитаси раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов квоталар кам сонли тоифадагилар учун сақланиб қолиши керак деб ҳисоблайди.

«Имтиёзлар масаласида жаҳон тажрибаси ҳам, миллий тажрибамиз ҳам бор.  

Имтиёзлар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва турли олимпиада ғолиблари учунгина сақланиб қолиши керак. Бошқа турдаги имтиёзларга биз мутлақо қаршимиз», дейди у.

Халқ демократик партияси вакили Омилхон Исмоиловнинг сўзларига кўра, партия мақсадли қабуллар сақланиб қолишини ёқлайди.

«Имтиёзлар жамиятда алоҳида ёрдамга муҳтож қатлам: ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учун сақлаб қолиниши керак. Аммо шу билан бирга, бу квоталар умумий квотадан ташқари ҳисобланиши зарур.

Бошқа ҳолатларда имтиёзлар берилишига умуман қаршимиз. Бу жамиятда нотенглик ва табақаланишни келтириб чиқаради.

Бу борада мақсадли қабуллар масаласига ҳам тўхталиб ўтиш керак. Ўзбекистонда шундай ҳудудлар борки, бундай жойларда кадрлар етишмайди, яъни, маошини баланд қилиб қўйсанг ҳам ҳеч ким бориб дарс бермайди. Бундай жойлар учун ўша ҳудуд ёшлари учун мақсадли қабуллар, албатта, керак», деди у.

Манба Кун.уз

0